2009 йилда ишсизлар сони 212 миллион кишига етди

БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, 2009 йилда жаҳон бўйлаб ишсизлар сони рекорд даражага кўтарилган ва бу рақам 212 миллион кишини ташкил қилган.

Бу борада эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, 2007 йилдан буён камида 34 миллион киши ишсиз қолган. Ўтган йил давомида эса ишсизлик муаммоси асосан Шимолий Америка, Япония ва Ғарбий Европа давлатларида долзарб муаммолардан бири бўлган.

Ҳисоботга кўра, 1930 йилларда содир бўлган Буюк депрессия давридан буён илк бор кузатилган молиявий бўҳрон оқибатида Шарқий Европа ва Лотин Америкасида ҳам ишсизлар сони кескин ортган.

Мазкур ҳисоботнинг эълон қилиниши Швейцариянинг Давос шаҳрида иш бошлаётган Жаҳон иқтисодий форумига тўғри келди.