Карбалони яна портлашлар титратди

Ироқнинг Карбало шаҳрида содир этилган портлашларда камида 30 киши нобуд бўлди, 70дан зиёд киши тан жароҳати олди.

Карбало шаҳридаги портлашлар шиаларнинг муқаддас Арбаин диний байрамининг сўнги кунига тўғри келди.

Арбаин - имом Ҳусайннинг вафот этган кунига бағишланган диний маросимда иштирок этиш учун Карбало шаҳрига 100 мингдан зиёд шиа зиёратчиси тўпланди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Карбало кўчаларига хавфсизлик кучларининг 30 мингга яқин ходими сафарбар қилинишига қарамай сўнги ҳафта давомида зиёратчиларга қарши жами учта ҳужум уюштирилди.

Ҳафта бошида содир этилган портлашларда ҳам 60дан зиёд фуқаро нобуд бўлди.

Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.