Карачида шиа зиёратчилари нишонга олинди

Покистоннинг Карачи шаҳрида рўй берган иккита портлаш оқибатида камида 20 киши нобуд бўлди, салкам 40 киши тан жароҳати олди.

Маҳаллий расмийларнинг хабар қилишича, биринчи портлаш шаҳар марказида содир этилган. Айтилишича, мотоцикл бошқараётган худкуш шахс ўзини шиа зиёратчилари кетаётган автобус олдида портлатиб юборган.

Иккинчи портлаш эса шаҳар марказидаги портлаш қурбонлари келтирилган шифохона ёнида содир этилган.

Полицияга кўра, портлашларда нобуд бўлганларнинг аксари аёллар ва ёш болалар бўлган.

Покистон армияси октябр ойида мамлакатдаги толиб жанггариларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказгандан сўнг, жанггарилар Покистоннинг бир неча шаҳрида қўпорувчилик амалиётлари содир этдилар. Ушбу ҳужумларда хавфсизлик кучлари ходимларидан ташқари тинч аҳоли вакиллари ҳам нобуд бўлди.