Эронда шубҳали шахслар қўлга олинди

Эронда 1979 йилги Ислом инқилоби хотирланадиган 11 феврал куни Теҳронда тартибсизликлар уюштиришни режалаганликда гумон қилинган етти шахс ҳибсга олинди. Бу ҳақда Эрон оммавий ахборот воситалари мамлакат хавфсизлик хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Эрон хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, ҳибсга олинган шахслар Дубай ва Истанбулда махсус тайёргарликдан ўтган ва уларнинг айримлари АҚШ разведка хизматлари томонидан ёлланган.

Айтилишича, ушбу шахслар Эрон ичкарисида маълумот тўплаб хорижга юборган ва Ашуро байрами чоғида фуқароларни зўравонликларга даъват қилган.

Расмийларнинг таъкидича, ҳибсга олинган шахслар 11 феврал куни ҳам ўз фаолиятини давом эттиришни режалаганлар.

Эрон мухолифати 12 июн куни бўлиб ўтган президент сайлови натижаларига қарши Теҳронда бир неча бор норозилик намойишлари уюштирди.

Ислом инқилоби хотирланадиган 11 феврал куни ҳам мухолифатнинг Теҳронда норозилик намойиши ўтказиши кутилмоқда.