Эрон уранни тўйинтириш ишларини бошламоқчи

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод мамлакатнинг Атом энергияси бўйича агентлигига уранни тўйинтириш ишларини бошлаш тўғрисида топшириқ берди.

Лазер технологияларига бағишлаб Теҳронда ўтказилаётган анжуманда чиқиш қилган Аҳмадийнажод 20 фоизгача тўйинтирилган уран мамлакат эҳтиёжи учун етарли бўлишини таъкидлади.

Айни пайтда Ғарб давлатлари Эроннинг уранни тўйинтириш режаларига кескин қарши чиқиб келмоқда. Улар фикрича, Теҳрон тўйинтирилган урандан ядровий қурол ишлаб чиқаришда фойдаланиши мумкин. Бироқ Эрон томони ўз дастури тинчлик мақсадларга йўналтирилганини таъкидлаб келмоқда.

Бундан бир кун аввал эса Эрон ташқи ишлар вазири Манучехр Муттақий мамлакат уранини қайта ишлаш учун хорижга юбориш борасида Ғарб давлатлари билан келишув имзолаш истиқболини кўраётгани хусусида баёнот берган эди.