Толиблар жангга тараддуд кўрмоқдалар

Халқаро кучларнинг Ҳелманд вилоятида режалаган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари арафасида толиб жанггарилари ўз истеҳкомларини мустаҳкамламоқда.

АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Стенли МакКристал яқин кунлар ичида бошланиши кутилаётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар афғон ҳукуматининг хавфсизлик назоратини кенгайтираётгани борасида Толибон жанггариларига “жиддий ишорат” юборишини таъкидлади.

АҚШ генералига кўра, Маржоҳ шаҳрида ўтказиладиган амалиётлардан мақсад мамлакат жанубини толиб жанггариларидан тозалаш ва у ерда ҳам ҳукумат назоратини кенгайтиришдан иборат.

Айни пайтда Толибон матбуот вакили Ройтерс агентлигига Маржоҳ шаҳри атрофига 2000 га яқин жанггари тўплангани ва улар хавфсизлик кучларига муносиб жавоб қайтаришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Ҳарбий амалиётлар арафасида эса маҳаллий аҳоли шошилинч тарзда Маржоҳ шаҳрини тарк қилмоқда.