Эрон қарори кескин танқидларга учрамоқда

Россия Хавфсизлик кенгаши Бош котиби Николай Патрушев уранни мамлакат ичкарисида бойитишга оид Эрон режаси бу давлатнинг ўз ядровий дастури борасидаги ниятларини савол остига қўяжагини таъкидлади.

- Эрон ядровий қуролга эгалик қилишга уринмаётгани, аксинча ўз дастури тинчлик мақсадларга қаратилгани хусусида баёнот бериб келмоқда. Бироқ Эроннинг сўнгги ҳаракатлари, жумладан, кам тўйинтирилган уранни 20 фоизга бойитишни бошлаши бошқа давлатларда шубҳа уйғотмоқда. Бу шубҳаларда асос бор деб ўйлайман, деди Патрушев.

Россия Хавфсизлик кенгаши Бош котибининг мазкур баёноти Теҳронда уранни бойитиш ишлари бошлангани хусусида Эрон матбуотида пайдо бўлган хабар ортидан янгради.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу “Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришга ошиқмоқда”, дея таъкидлаб, бу давлатга нисбатан зудлик билан жазо чоралари қўллаш чақириғи билан чиқди.

Ғарб давлатлари Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблаб келмоқда. Теҳрон Ғарб хавотирларини инкор қилиб, ўз дастурининг тинчлик мақсадларига йўналтирилганини билдирмоқда.