Собиқ маҳбусга оид маълумот ошкор қилинади

Буюк Британия аппеляция суди Гуантанамо қамоқхонасида сақланган мамлакат фуқаросининг қийноқларга солинганига оид маълумотни кенг жамоатчиликка ошкор қилишга оид маҳкама қарорини қўллаб-қувватлади.

Асли эфиопиялик Биням Муҳаммад, айтилишича, 2002 йилда Покистонда қўлга олинган ва унинг сўзларига кўра, Гуантанамога кўчирилишдан аввал АҚШ расмийлари рухсати билан Марокашда қийноқларга солинган.

Бироқ Биням Муҳаммадга ҳеч қандай айб қўйилмаган ва у ўтган йил Гуантанамодан озод қилинган. Собиқ маҳбус, шунингдек, Гуантанамода 7 йил давомида қийноқларга солингани хусусида Британия ҳукумати хабардор бўлганини иддао қилмоқда.

Ўтган йилнинг октябр ойида Британия суди Биням Муҳаммадга оид мафхий ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Бироқ мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларнинг ошкор қилиниши Британия миллий хавфсизлигига путур етказиши мумкинлигини таъкидлаб, суд ҳукмига қарши шикоят аризаси топширган эди.