Эронда мухолифатчилар калтакланди

Эрон мухолифати етакчиси Меҳди Каррубий ва собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий Теҳронда ҳукумат тарафдорлари ҳужумига учради.

Бугун Эронда 1979 йилги Ислом инқилоби хотирланмоқда.

Каррубийнинг ўғли Ҳусайн Каррубийнинг Фардо радиосига билдиришича, ҳужумда мухолифат етакчисига шикаст етмаган, бироқ унинг ҳамкорлари намойишчилар томонидан калтакланган.

- Фуқаролар кийимида бўлган агентлар ва хавфсизлик хизмати ходимлари одамларни ва дадамнинг тан соқчиларини калтаклай бошладилар. Улар Меҳди Каррубийни урмадилар, бироқ тан соқчилар ва ўша ерда бўлган одамлар ёмон калтакландилар,деди Ҳусайн Каррубий.

Бундан ташқари Меҳди Каррубий воқеа жойини тарк қилаётган маҳал унинг машинаси ҳам номаълум шахслар ҳужумига учрагани хабар қилинди.

Айни пайтда Фардо радиоси собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий кетаётган машинанинг ҳам ҳужумга учрагани тўғрисида хабар тарқатди.

Бундан бир оз аввал собиқ президентнинг акаси, Эрон парламентининг собиқ раҳбари Муҳаммад Ризо Ҳотамий ва унинг турмуш ўртоғи хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилди.

Ислом инқилобининг 31 йиллиги муносабати билан бугун Теҳронда ўтказилаётган намойишга 10 000 дан зиёд ҳукумат тарафдори тўпланди.

Эрондан олинган хабарларга кўра, Теҳрон маркази ва шимолий қисмларида хавфсизлик кучлари ва мухолифат тарафдорлари ўртасида тўқнашув рўй берган.