Россия Болгария режасига қарши

Россия Болгариядан АҚШнинг Европага ўрнатиладиган янги мудофаа тизимига қўшилиш борасидаги режасини тушунтириб беришни талаб қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Болгариянинг режаси Москвани ҳайратга солгани ва айни пайтда Болгариядан ўз ҳаракатларини изоҳлаб беришини кутаётганини билдирди.

Лавров, шунингдек, мазкур масалада Россиянинг Вашингтондаги элчиси АҚШ ҳукуматига мурожаат қилганини билдирди.

12 феврал куни Болгария бош вазири Бойко Борисов АҚШнинг Европага ўрнатиладиган янги мудофаа тизимида иштирок этиш иштиёқини билдирган эди.

Бундан бир оз аввал қўшни Руминия ҳам АҚШнинг ўрта масофага парвоз қиладиган ракеталарини ўз ҳудудида жойлаштиришга тайёр эканини маълум қилган. Руминиянинг ушбу қарори Россия ғазабини келтирган.