Маржоҳда амалиётлар давом этаётир

НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар ва афғон армияси қўшинлари толибларга қарши қаратилган кенг кўламли ҳарбий амалиётларни учинчи кун давом эттирмоқдалар.

Британия қўшинлари қўмондони майор Майк Тейлор Маржоҳ шаҳрига ўрнашиб олган жанггариларнинг халқаро кучларга жиддий қаршилик кўрсатмаётганини билдирди.

-Маржоҳ шаҳри яқинида отишмалар ва қўлбола портловчи мосламаларни портлатиш каби ҳаракатлар кузатилмоқда. Ростини айтсам, жанггарилар қаршилиги жудаям чекланган. Фикримча, кенг кўламли амалиётларни бирданига бошлаб юборганимиз, толибларни саросимага солиб қўйган, деди Британия қўшинлари қўмондони.

“Муштарак” деб номланган амалиётларда АҚШ, Буюк Британия ва Афғонистон армиясининг 15 минга яқин аскари иштирок этмоқда.

Якшанба куни эса НАТО ҳарбийлари томонидан отилган ракетанинг Маржоҳ шаҳридаги уйлардан бирига тегиши оқибатида, тинч аҳоли вакилларидан 12 киши нобуд бўлди. НАТО фуқаролар ўлими учун Афғонистон президенти Ҳамид Карзайдан кечирим сўради.

Маржоҳ шаҳридаги амалиётлар бошланмасдан аввал Ҳамид Карзай халқаро кучларни тинч аҳоли вакиллари орасидаги талофотлар олдини олишга чақирган эди.