Покистонда Мулла Биродар ҳибсга олинди

Покистонда Толибон ҳаракати етакчиларидан бири Мулла Абдул Ғани Биродар хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди.

АҚШ расмийларига кўра, Толибон етакчиси бугун эрта тонгда Карачи яқинида АҚШ ва Покистон хавфсизлик кучлари ўтказган махсус амалиёти чоғида қўлга олинган. Айни пайтда АҚШ матбуоти Мулла Биродарнинг АҚШ ва Покистон разведка ходимлари томонидан сўроқ қилинаётгани тўғрисида хабар тарқатди.

Мулла Абдул Ғани Биродар Толибон асосчиси мулла Муҳаммад Умардан сўнг нуфузи бўйича иккинчи ўринда туради.

Ўз исмларини ошкор қилишни истамаган АҚШ ва Покистон расмийлари Мулла Биродарнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарни тасдиқладилар.

Толибон матбуот вакили эса мазкур хабарларни кескин рад қилиб, Мулла Биродарнинг Афғонистонда фаолият юритаётганини билдирди.

Оқ уй ва Марказий разведка бошқармаси эса Толибон ҳаракати етакчисининг қўлга олингани тўғрисидаги маълумотларни изоҳлашдан бош тортди.