Ўзбекистонда валюта контрабандачилари ушланди

Ўзбекистонда валюта контрабандаси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

CA-NEWS агентлигининг Ўзбекистон Миллий хафвсизлик хизматига таяниб хабар қилишича, 6 феврал куни Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида Қирғизистон чeгараси томон ҳаракатланаётган енгил машина милиция ходимлари томонидан тўхтатилган. Олиб борилган текширув натижасида машина эшиклари орасига яширилган 838 минг АҚШ доллари топилган.

Дастлабки тергов ишлари давомида бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний пулларни мунтазам равишда Қирғизистон орқали Хитойга ташигани аниқланган. Ушбу гуруҳга Тошкентда истиқомат қилувчи Ўзбекистоннинг олти фуқароси аъзо бўлган. Маълум бўлишича, ушбу шахслар Тошкент ва бошқа вилоятларда фаолият юритаётган тадбиркорлар пулларини яширинча Хитой ва Бирлашган Араб Амирлигига етказиб бериш билан шуғулланган. Айтилишича, гуруҳ аъзолари ҳафтасига 300-400 минг доллар пулни ўз манзилига етказиб берган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ишлари давом этмоқда.