Ал-Мабҳуҳ ўлими тортишувга сабаб бўлмоқда

Дубайда Ҳамас гуруҳи етакчиларидан бири Маҳмуд ал-Мабҳуҳнинг Европа давлатлари паспортига эга бўлган номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилиши Исроил ва айрим Европа давлатлари ўртасидаги муносабатлар совуқлашувига сабаб бўлди.

Ҳамас дала қўмондони Маҳмуд ал-Мабҳуҳ жорий йил январида Дубайдаги меҳмонхонада ўлдириб кетилган эди. Ҳамас ушбу жиноятда Исроил махфий хизмати Моссад агентларини айблади.

Яқинда Дубай полицияси Мабҳуҳнинг қотиллари, деб гумон қилинаётган 11 чет элликка қидирув эълон қилди. Ушбу шахслардан олти нафари Буюк Британия, уч нафари Ирландия ва икки шахс Германия ҳамда Франция паспортларига эга бўлган.

Буюк Британия ва Ирландия паспортлар қалбаки бўлганини таъкидлаб, Исроилнинг Лондон ва Дублиндаги элчисига норозилик нотаси топширдилар. Айни пайтда Франция ва Германия қолган икки гумондор шахс борасида ўз шубҳаларини билдирди.

Чоршанба куни эса Исроил Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман Исроил разведка хизмати – Моссад агентларининг Ал-Мабҳуҳ ўлимига алоқаси борлигини исботловчи далиллар йўқ, дея баёнот берди.