Наврўз халқаро куни сифатида тан олинди

БМТ Бош ассамблеяси Наврўзни халқаро байрам сифатида тан олди.

Янгиланиш ва яшариш фасли, умумхалқ байрами ҳисобланган Наврўз 21 март куни Марказий Осиё давлатлари, Яқин Шарқ, Туркия, Эрон, Озарбайжон ва Болқон минтақасида кенг нишонланади.

“Азери-пресс” агентлигининг хабар қилишича, Наврўзни халқаро байрам сифатида тан олиш тўғрисидаги БМТ резолюцияси Озарбайжон ташаббуси билан қабул қилинган.

Озарбайжоннинг БМТдаги доимий вакили Акшин Меҳтиевнинг айтишича, жорий йил Наврўз инсоният меросининг бир қисмига айланади.

Меҳтиев фикрича, Наврўзнинг халқаро байрам сифатида тан олиниши маданиятлар ўртасидаги алоқалар, ўзаро англашинув, бағрикенглик ва бирдамлик каби тамойилларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.