Янукович қасамёдга келтирилди

Виктор Янукович Украинанинг янги президенти сифатида қасамёдга келтирилди.

Парламент биносида бўлиб ўтган тантанали маросимда Украина ҳукумати вакилларидан ташқари хорижлик юқори мартабали расмийлар, жумладан, ЕИнинг ташқи алоқалари бўйича комиссари Кэтрин Эштон, АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жеймс Жонс ва Россия парламенти спикери Борис Грызлов иштирок этдилар.

Януковични қасмёдга келтириш маросимида, шунингдек Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳам иштирок этди.

Виктор Янукович президентлик сайловининг иккинчи даврасида иқтидордаги Бош вазир Юлия Тимошенкони мағлуб этди.

Бироқ Тимошенко рақиби Януковични овозларни сохталаштирганликда айблаб, сайлов натижаларига қарши шикоят аризаси топширди ва кейинчалик ўз аризасини қайтариб олди. Тимошенко ўз лавозимидан воз кечишдан бош тортиб келмоқда.

Хабарларга кўра, Юлия Тимошенко Януковични қасамёдга келтириш маросимида иштирок этмаган.