Кобул: ҳужумлар учун масъулиятни Толибон олди

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри марказида амалга оширилган икки ҳужумдан камида 17 киши нобуд бўлди.

Қурбонлар орасида хорижликлар ҳам бор.

Ҳужумлар пойтахт Кобулнинг марказида, хавфсизлик чоралари анча кучайтирилган ҳудудда, асосан хорижликлар яшайдиган икки меҳмонхона ҳамда савдо маркази олдида амалга оширилди.

Ўша жойдаги дўконлардан бирининг соҳиби Қадари Само мана бундай деди:

- Бир соатча олдин бангиллаб кетганини эшитдим. Мен дўконнинг ичидайдим. Дераза ойналари синиб, юзимга сачради. Ана ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, ҳаммаёқда шиша синиғи.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Земарай Башарийнинг баёнотига кўра, нобуд бўлганлар орасида 5 ҳиндистонлик, 1 италиялик ва 3 полиция ходими бор.

Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер Парижда чиқиш қилар экан, нобуд бўлганлар орасида бир франциялик ҳам бўлгани тўғрисида айтди.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олиши тўғрисида баёнот берди.