Чилида зилзила қурбонлари сони ортмоқда

Чили қирғоқлари яқинида рўй берган кучли зилзила оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, 76 киши нобуд бўлган.

АҚШ Сейсмология марказига кўра, зилзила кучи Рихтер ўлчови бўйича 8.8 баллни ташкил қилган ва зилзила эпицентри мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Консепсиондан тахминан 117 км. узоқликда жойлашган. Кейинчалик 6 балли ер силкиниши ҳам қайд этилди.

Хабарларга кўра, ер силкиниши Чили пойтахти Сантяго шаҳрида ҳам сезилган. Кўплаб биноларнинг қулагани, алоқа ва электр тармоқларига шикаст етказилгани хабар қилинди. Талафотлар сонининг янада ортиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Чили президенти Мишел Бачелет вазиятни ўта жиддий эканини таъкидлаб, фуқароларни осойишталикка чақирди.

Ер силкиниши, айтилишича, қўшни Аргентинада ҳам кузатилган.

Айни пайтда АҚШ расмийлари Чили ва Перуда цунами рўй бериши хавфи ҳақида огоҳлантирмоқдалар.