Халқаро кучлар амалиётларни давом эттирмоқчи

АҚШ расмийларига кўра, мамлакат ҳарбийлари жорий йил Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида Толибон жангариларига қарши кенг кўламли амалиётлар ўтказишни режаламоқда.

АҚШ матбуоти президент Барак Обама маъмурияти расмийларидан бирининг “Маржоҳ шаҳрида Толибларга қарши олиб борилган амалиётлар жорий йил давомида Қандаҳорда жангариларга қарши режалаштирилган кенг кўламли амалиётларнинг бошланишидир", деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Қандаҳор Толибон жангариларининг истеҳкомларидан биридир.

Пайшанба куни эса халқаро кучлар Ҳелманд вилоятининг Маржоҳ шаҳри марказида Афғонистон байроғини ўрнатдилар. Муштарак деб номланган амалиётлар чоғида халқаро кучларнинг 20дан зиёд аскари нобуд бўлди.