Ўзбекистонда нақд пул даромади ошибди

Аҳоли қўлидаги нақд пул сийраклашгани сайин давлат идоралари аҳоли нақд пул даромадининг ошаëтгани ҳақида ҳисоб бермоқда.

Ўтган йил январ-ноябр ойларида ўзбекистонликларнинг нақд пул даромади 36,4 фоизга ошди. Бу маълумот Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг йиллик ҳисоботида чоп этилди. Оддий ўзбекистонликлар эса¸ одатдагидай¸ бунинг тескарисини гапирмоқдалар.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 2009 йилда Ўзбекистон республикасини социал-иқтисодий ривожлантириш асосий кўрсаткичлари йиллик ҳисоботида ўтган йилнинг январ-ноябр ойларида аҳоли нақд пул даромадларининг 36,4 фоизга ошгани айтилади. Шунингдек бу маълумотнинг давомида аҳолининг пул харажатлари ва омонати ҳам 34,7 фоизга ошгани кўрсатилади.

Ўзбекистонлик ёш иқтисодчи Аҳмаджоннинг айтишича, аҳоли нақд пул даромадларининг ошиши табиий ҳолат ва шунга яраша пул харажатлари ҳам бўлади. Зеро, дейди иқтисодчи¸ ўтган йилда икки марта бюджет ташкилотларининг иш ҳақлари ва пенсиялар оширилди.

- Бу статистикадан мақсад халқни ишонтиришмоқчи бўлишганми дейман. “Фақат харажатлар эмас¸ даромадлар ҳам ошаяпти мана. Тенгма тенг кетаяпти. Ҳаттоки даромад харажатдан кўпроқ ошган” деган маънода чиқарилган бўлиши мумкин. Олдин кўп гаплар¸ ҳазиллар¸ ҳангомалар юрарди. Ҳозир Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 30 нечадир мингга етган. Бу пулга Ўзбекистонда яшашнинг иложи йўқ. Бунақа статистикани чиқариб қўйишнинг ўзи кулгили. Чунки буни қанақадир йўл билан оқлаш керак бўлади. Ҳозирги чиқарган иккинчи статистикаси шуни билдирса керак. Одамлар “Ойлигимиз етмаяпти” деб кўп нолийдида. “Нолишга ҳожат йўқ” дегандай қилиб “Ойликлар ошаяпти. Даромадлар ва харажатларга нисбатан ошаяпти” деган мақсадда қилинган бўлиши мумкин¸ дейди Аҳмаджон.

Агар Ўзбекистондаги аҳоли оладиган нақд пул ва харажатнинг ўртасидаги фарқни кўрадиган бўлсак, Давлат статистика қўмитаси бу ахборотининг ёлғон устига қурилгани маълум бўлади, дейди Аҳмаджон.

- Биринчи навбатда¸ Ўзбекистоннинг статистикасига умуман ишонишнинг кераги йўқ. Иккинчи навбатда¸ Ўзбекистоннинг статистикаси фақат ҳукуматга керак. Халққа умуман керак эмас. Халқнинг реал даромадлари статистикага тескари. Даромад ошмаяпти¸ харажат ошаяпти. Бир мисол. Мен ҳозир сайтларда кўп ўқийман¸ ўзим ҳам эшитаман. Ойлик олади. Ойликнинг маълум бир қисмини пластик карточкага қўяди. Нақд пул қўлида жуда ҳам кам. Уни қандай қилиб ишлатади? Ўзбекистонда шароитлар йўқ. Автобусда проездной оламан деса қийин¸ бозордан картошка оламан деса қийин. Нақд пул харажатлари ошиб бораяпти. Нақд пулни етказиб бера олмаяпти¸ дейди Аҳмаджон.

Сурхондарёлик шифокор Фахриддин Аҳмаджоннинг фикрларига қўшилади. Унинг айтишича, ўтган йилнинг охирига бориб уларнинг маошлари 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказиб юборилди. Фахриддин ўтган йилда аҳоли нақд пул даромадининг 36 фоизга ошганини чўпчак деб ҳисоблайди.

- Ўтган йилги ҳисоб бўйича оладиган бўлсак¸ Сариосиë тумани бўйича шифокорлар ойлик маошининг 50-70 фоизини нақд пул олиш имкониятида эдик. Вақт ўтиши билан йил охири бўлаверган сари аксига бўлаяпти. 30 фоиз нақд бўлиб¸ 70 фоиз пластикка ўтди. Биз декабр ойига 10 фоиз нақд олдик. Қолгани 100 фоиз пластикка тушиб кетаяпти. Шундай ҳолатлар бўлиб келаяпти ҳозир. Ҳозир нақд пул на ўқитувчилар¸ на медицина соҳасида йўқ. Бўлмаган гап бу нарса¸ дейди Фахриддин.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли харажатининг ошгани тагида ҳам гап бор, яъни бу ерда яна улар зарар кўряпти. Чунки, дейди шифокор, нақд пулнинг йўқлиги ўз-ўзидан пул харажатига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти.

- Пластикка сотиладиган савдо дўконлари бор. Лекин озиқ-овқат турининг ҳаммаси ҳам эмас. Озиқ-овқатнинг 30 дан ортиқ тармоғи бўладиган бўлса¸ 15-20 тармоғи пластикка сотилаяпти. Пластикка олаяпмиз. Қолганига нақд пул бўлиши керак. Нақд пул қилиш учун пластикни пулга айлантириш керак. Пластик карточкадаги пулни нақд пулга айлантириш учун туманимизда бирорта банк автоматининг ўзи йўқ. Президент фармойиш чиқарган¸ лекин банкнинг ўзи ҳам пул қилиб бермаяпти. Ошна-оғайниси¸ таниши бор кишилар пластикнинг ичида 200 минг бўладиган бўлса¸ шуни 165-170 минг нақд пул қилиб бераяпти¸ дейди шифокор Фахриддин.

Фарғоналик тадбиркор Ойбек аканинг айтишича, Давлат статистика қўмитаси маълмотларни фақат ижобий тарзда, ҳукумат кўрсатмасига мувофиқ тақдим этади. Негадир бу маълумотларда аҳолининг нақд пул даромади ошгани айтиладию, бироқ аҳолининг харид қуввати ва аҳолининг истеъмол саватчаси ҳақида ҳеч нарса дейилмайди, дейди тадбиркор:

- Нарх-наволар ошганини ҳисобласангиз¸ яшаш даражаси ошгани йўқ. 36 фоиз даромад ошганга яраша 40 фоиз нарх-наво ҳам ошди. Булар статистикани бюджет корхоналарига қараб ҳисоблайди. Бошқа нарсага қарамайди улар. Бюджетнинг маблағи қаëққа чиқиб¸ қаëққа кетаëтганига нисбатан олса керак¸ дейди Ойбек ака.

Сурхондарёлик шифокор Фахриддин мамлакатда нақд пул тақчиллигини инфляцияси билан боғлиқ деган фикрда.

- Менинг фикримча¸ инқирознинг ҳам таъсири бор. Давлатнинг сиëсати¸ пул эмиссиясини сақлаб туриш. Шу орқали пулнинг қадрини ушлаб туриш бўлаяпти. Бошқа ҳеч нарса эмас. Агар халқнинг қўлига пул берса¸ ўз ўзидан пулнинг қадрсизланиши бўлади. Чунки нарх-навони оширмаймиз деб турган билан нарх-наво ойма ой ошиб бораяпти¸ дейди сурхондарёлик шифокор Фахриддин.