Бағлонда жангарилар ўзаро тўқнаш келди

Афғонистоннинг Бағлон вилоятида толиблар ва бошқа бир гуруҳ исломий жангарилар ўртасида рўй берган тўқнашувлар оқибатида ўндан зиёд киши нобуд бўлди.

Вилоят полиция бошқармаси вакили Залмай Мангал сўзларига кўра, тўқнашувлар маҳаллий толиблар ва таниқли дала қўмондони Гулбиддин Ҳикматиёрга содиқ бўлган Ҳизби-исломий гуруҳи жангарилари ўртасида рўй берган.

Полиция тахминига кўра, жангарилар вилоятнинг бир неча қишлоғи назоратини қўлга киритиш учун ўзаро кураш олиб бормоқдалар. Сўнгги маълумотларга кўра, жангарилар ўртасидаги тўқнашувлар ҳануз давом этмоқда.