Оскар мукофоти эгаларини топди

Кэтрин Бигелоунинг “Бўрон ҳукмдори” филми 2010 йилнинг энг яхши кинокартинаси деб топилди.

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Америка кино санъати академиясининг Оскар мукофотларини топшириш маросимида Кэтрин Бигелоунинг ўзи “Энг яхши режиссёр” номинациясида ҳам ғолиб чиқди.

“Телба юрак” фильми бош қаҳрамони Жефф Бриджес йилнинг энг яхши актёри ва таниқли киноактриса Сандра Баллок “Кўринмас томон” филмида ўйнаган роли учун 2010 йилнинг энг яхши актрисаси деб топилди.

9 та номинация бўйича Оскар олиши башорат қилинган режиссёр Жеймс Кэмероннинг "Аватар" филми бор йўғи учта мукофотни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Янги технологиялар асосида суратга олинган “Аватар” филми кино тарихида энг даромадли филмлардан бири бўлди. Шу кунгача “Аватар” филми унинг продюсерларига 2.6 миллиард атрофида даромад келтирди.

Аргентиналик киноижодкорларнинг “Тилсим улар кўзидадир” филми эса энг яхши хорижий фильм номинациясида ғолиб чиқди.

Энг яхши анимацион филм номинациясида эса ҳажвий саргузаштларга тўла “Юқорига” фильми ғолиб деб топилди.