АҚШ қўмондони Бишкекка келди

10 март куни АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Дэвид Петреус Бишкекка келди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дэвид Петреус Бишкекда президент Қурмонбек Бакиев билан учрашди. Қирғизистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Афғонистондаги вазият ва АҚШнинг бу давлатни ижтимоий- иқтисодий жиҳатдан тиклаш йўлидаги ҳаракатлари муҳокама қилинган.

“Дэвид Петреус АҚШ Қирғизистон билан ҳамкорликни юқори баҳолашини айтиб, Афғонистондаги аксил-террор курашини қўллаётгани учун миннатдорчилик билдирди”, дейилади Қирғизистон президенги матбуот хизмати тарқатган хабарда.

АҚШ элчихонасидан олинган маълумотга кўра, генерал Дэвид Петреуснинг Бишкек сафари эртага ҳам давом этади. Генерал Петреус 11 март куни Қирғизистоннинг Чуй вилоятида аёллар маркази қурилишининг бошланиши тадбирида иштирок этади. Бу марказ АҚШ молиявий кўмагида қурилади.