Обама ва Медведев телефот мулоқоти ўтказди

АҚШ президенти Барак Обама россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан телефон мулоқоти ўтказди.

Оқ уй расмийларига кўра, шанба кунги мулоқот чоғида президентлар стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича янги келишув юзасидан олиб борилаётган сўзлашувлардан қониқиш ҳосил қилганлар.

Айни пайтда, Кремл вакилларининг билдиришича, янги келишув матни ўзаро мувофиқлаштирилган ва имзо қўйиш учун яқин фурсат ичида президентларга тақдим қилиниши мумкин.

Сешанба куни Россия ва АҚШ расмийлари Женевада стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича янги келишув юзасидан олиб борилаётган сўзлашувларни қайта бошлаган эди.

Стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича 1991 йил қабул қилинган СТАРТ-1 битимининг амал қилиш муддати 5 декабрда тугаган ва Москва Вашингтон билан мазкур битим ўрнини эгаллайдиган янги ҳужжат борасида бир неча ойдан буён сўзлашувлар ўтказиб келмоқда .