Грузияда янги жанжал авж олмоқда

Грузия президенти Михаил Саакашвили Россия қўшинларининг гуёки мамлакат ҳудудига бостириб кирганига оид “Имеди” телеканали орқали намойиш қилинган лавҳани “кўнгилсиз”, бироқ ҳақиқатга яқин, дея атади.

“Имеди” телеканали шанба кунги дастур давомида Россия қўшинлари мамлакат ҳудудига бостириб кира бошлагани ва мухолифатчилар томонидан уюштирилган давлат тўнтаришида президент Михаил Саакашвили ўлдирилгани хусусида хабар тарқатди.

“Имеди” телеканали лавҳа намойишидан олдин ва кейин бу рўй бериши мумкин бўлган ҳодисаларнинг тахмини, деб билдиришига қарамай, ушбу лавҳа кўпчиликни саросимага солди.

Грузия мухолифати “Имеди” телеканали раҳбариятини судга бериш билан таҳдид қилди. Мухолифатчилар фикрича, шанба кунги лавҳа нафақат фуқароларни саросимага солган, балки мамлакат хавфсизлигини таҳдид остида қолдирган.

Мухолифат етакчиларидан бири Леван Гечачиладзе “Имеди”га қарши санкциялар жорий қилиш, жумладан, телевидениега берилган лицензияни вақтинчалик тўхтатиш лозимлигини билдирди.

Айни пайтда “Имеди” телеканали мутасаддилари намойиш қилинган лавҳа учун мамлакат фуқароларидан кечирим сўради.