Обама эронликларни Наврўз билан табриклади

АҚШ президенти Барак Обама Наврўз байрами муносабати билан Эрон халқига видео мурожаат йўллади.

- Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатларда зиддиятлар мавжудлигига қарамай АҚШ эронликларнинг порлоқ келажакка эга бўлишини истайди,- дея таъкидлади Оқ уй раҳбари.

Обама ўз марожаатида АҚШ ҳукумати алмашув дастури бўйича кўпроқ эронликлик талабаларни Америка олий ўқув даргоҳларига жалб қилиши ҳамда Эронда интернет технологиялари ривожига ҳисса қўшажагини маълум қилди.

Барак Обама, шунингдек, расмий Теҳрон халқаро майдонда ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаётгани боис АҚШ ҳукумати халқаро ҳамжамият билан биргаликда Эронга нисбатан янги жазо чораларини қўллаш устида иш олиб бораётганини билдирди.

Эрон ўз ядровий дастурини тўхтатишга оид Ғарб давлатлари чақириқларини инкор қилиб келмоқда.