Ироқда парламент сайловидаги овозлар қайта саналади

Ироқ президенти Жалол Талобоний 7 март куни бўлиб ўтган парламент сайловида берилган овозларни қайта санаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарорда айтилишича, “адолат ва шаффофлик”ни таъминлаш мақсадида 21 март кунидан бошлаб берилган овозларнинг барчаси қайта санаб чиқилади.

Бундан бир оз аввал Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий Марказий сайлов комиссиясини 7 март куни бўлиб ўтган парламент сайловида берилган овозларни қайта санашга оид сиёсий блоклар талабларига жавоб беришга ундаган эди.

Ироқ Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, 7 март кунги сайловда берилган овозларнинг қарийб 93 фоизи санаб бўлинган.

Дастлабки натижаларга кўра, собиқ бош вазир Ияд Алавий бошчилигидаги сиёсий гуруҳ амалдаги бош вазир Нурий ал-Маликий сиёсий блокидан 8 мингта овозга ўзиб кетган.