Вашингтонда АҚШ-Покистон сўзлашувлари бошланди

Вашингтонда АҚШ ва Покистон расмийларининг ўзаро стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган музокаралари бўлиб ўтмоқда.

Покистон делегациясига Ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурайший ва армия бош қўмондони¸ генерал Ашфоқ Каяний етакчилик қилмоқдалар. АҚШ делегациясига эса Давлат котиби Ҳиллари Клинтон раҳбарлик қилмоқда.

Музокараларнинг очилишида нутқ сўзлаган Ҳиллари Клинтон АҚШ Покистон ҳукуматининг терроризмга қарши олиб бораётган уринишларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди:

-Хавфсизлик ва барқарорликни тарғиб қилишда Покистоннинг нафақат ўзи учун балки Жанубий Осиёда муҳим рол ўйнашини биз тан оламиз. Покистон тинчлиги ва барқарорлиги барча давлатлар манфаати учун хизмат қилади. Покистоннинг бу борада олиб бораётган кураши бу бизнинг ҳам курашимиздир, деди Ҳиллари Клинтон.

Вашингтонда икки кун давом этадиган сўзлашувларда асосан хавфсизлик масалалари ҳамда ядровий технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш масалаларининг муҳокама этилиши кутилмоқда.