АҚШ Конгрессидан Афғонистон учун қўшимча маблағ сўралди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистонга Оқ Уй таклиф қилганидан 37 ярим миллиард доллар кўп маблағ ажратишни сўраб Конгрессга мурожаат қилди.

Бу маблағ ҳарбий операциялар ўтказиш ҳамда Афғонистон, Покистон ва Ироқда қайта тиклаш лойиҳаларини амалга ошириш учун сарфланиши назарда тутилган.

Пентагон сўралган маблағнинг 33 миллиард долларини Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга сарфлашни режалаган. Аммо Клинтон қўшимча маблағ АҚШ “жабҳа давлатлари”да ўз мақсадига етиши учун сарфланишини айтди.

- Бизнинг таклиф Афғонистон ва Покистонда тинчлик ўрнатиш учун амалга ошириш зарур бўлган ишларга ва Ироқдаги ташаббус аста-секин фуқароларга топширилиши кўзланган лойиҳалар учун сарфланиши мўлжалланган, деди АҚШ Давлат котиби Ҳ.Клинтон.