Пхеньян Сеул ва Вашингтонга таҳдид қилди

Шимолий Корея ўз қўшниси Жанубий Корея ва АҚШни мамлакатдаги коммунистик режимни ағдаришга уринаётганликда айблаб, ҳар иккала давлатга қарши ядровий ҳужум уюштириш билан таҳдид қилди.

Шимолий Кореянинг расмий ахборот агентликларидан бири Мудофаа вазирлиги матбуот вакилининг “Шимолий Кореядаги тузумни ағдаришга уринган ҳар бир давлат, бу жараёнда қандай рол ўйнашидан қатъий назар қудратли армиямизнинг ядровий зарбалари қурбонига айланади”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Расмий Пхеньян ўтмишда ҳам бу каби баёнотлар билан бир неча бор чиққан.

Айни пайтда АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Япония ва Россия расмий Пхеньянни ядровий дастур юзасидан ўтказилган олти томонлама музокараларга қайтаришга уриниб келмоқда.