Таиланд Бош вазири намойишчилар билан учрашади

Таиланд Бош вазири Абҳисит Вежжажива янги сайловлар ўтказишни талаб қилиб, оммавий намойишлар уюштираётган мухолифат вакиллари билан учрашишга розилик берди.

- Тахдид, зўравонликлар ва ҳукуматга босим бўлмаган тақдирдагина мен музокаралар бошлашга тайёрман, деди бугун телевидение орқали мурожаат қилган Бош вазир.

Бундан бир оз аввал намойишчилар агар Бош вазир учрашувга розилик бермаса, ҳарбий базага ҳужум қилиш билан тахдид қилган эди.

Таиланддаги аксилҳукумат намойишлари 12 март кундан буён давом этмоқда.

Собиқ Бош вазир Таксин Шинаватра тарафдорлари амалдаги ҳукуматдан истеъфога чиқиш ва мамлакатда янги парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилишни талаб қилиб келмоқда.

Айни пайтда Таиланд ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, бугун ҳарбий база ёнида қўл гранатаси портлатилиши оқибатида тўрт ҳарбий тан жароҳати олган.