Ироқда портлашлар содир этилди

Ироқда таниқли сунний сиёсатчилар хонадонлари ёнида содир этилган портлашларда камида беш киши нобуд бўлди, ўндан ортиқ фуқаро тан жароҳати олди.

Расмийларнинг билдиришича, дастлабки портлаш Ироқ-Сурия чегарасига яқин Қаим шаҳрида содир этилган. Фуқаролар воқеа жойига тўплангандан сўнг мазкур ҳудудда яна бир нечта портлаш содир этилган.

Хабарларга кўра, 7 март кунги парламент сайловида ғалаба қозонган Ироқия сиёсий блоки вакилларидан бир нечтасининг хонадони портлашлар рўй берган ҳудудга яқин бўлган.

Собиқ Бош вазир Ияд Алавий етакчилигидаги Ироқия сиёсий блоки парламент сайловларида ғалаба қозонди.

Ияд Алавий тарафдорлари 325 ўринли парламентда 91 ўринни қўлга киритди, амалдаги Бош вазир Нурий ал-Маликий сиёсий блоки эса 89 та ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.