Обама Эронга янги санкция жорий қилмоқчи

Эрон ядровий дастури музокарачиси Сайид Жалилий мамлакат ядровий дастури атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида 1 апрел куни Хитойга сафар қилади.

Бу ҳақда хабар тарқатган Эрон матбуотига кўра, Сайид Жалилий ўз сафари давомида Хитой раҳбарияти билан музокаралар ўтказишни режалаган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзо Хитой ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга нисбатан санкциялар қўлланилишига қарши чиқиб келмоқда.

Айни пайтда "Катта саккизлик"ка аъзо давлат Ташқи ишлар вазирлари Эронга қарши халқаро босимнинг кучайтирилиши керак, деган фикрда якдиллик билдирдилар.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам келаси ҳафталар давомида Эронга нисбатан янги санкциялар жорий этилишига умид қилаётгани, бироқ расмий Вашингтон ушбу масалада халқаро ҳамжамият билан бирон бир келишувга эриша олмаганини тан олди.

- Санкцияларни баҳорда жорий қила олишимизга умид қилмоқдаман. Санкциялар қўлланилишининг бир неча ойга чўзилиб кетишини истамайман. Мен санкцияларнинг ҳафталар ичида кучга киришини истайман, деди Барак Обама.