Маллен Қандаҳор амалиётлари аҳамиятини урғулади

АҚШ қуролли кучлари Бирлашган штаби бошлиғи¸ адмирал Майк Маллен толибларни Қандаҳордан сиқиб чиқаришга қаратилган амалиётларнинг ўта муҳимлиги хусусида баёнот тарқатди.

Кобулда ўтказилган матбуот анжумани чоғида гапирган Майк Маллен фикрича, Қандаҳор шаҳрида назорат ўрнатилиши жанггарилар билан тинчлик музокаралари олиб бораётган Афғонистон ҳукумати мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

-Узоқ вақт давом этган ушбу қонли урушдан ўзимиз учун ҳеч қандай сабоқ чиқармаган бўлсақ, муваффақиятсизлик яққол кўзга ташлана бошлайди. Муваффақиятни кўриш эса узоқроқ вақт талаб қилади. Марказий Ҳелмандда қўлга киритган ютуқларимиз ҳосиласини ¸албатта¸ кўрамиз, бироқ биз сабр-тоқатли бўлмоғимиз лозим. Қандаҳор борасида ҳам сабр-тоқатли бўлишимиз ва келажакка умид билан қарашимиз шарт, деди адмирал Майк Маллен.

НАТО қўмондонлиги яқинда толиблар қароргоҳларидан бири ҳисобланган Қандаҳорда жанггариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказиш режасини эълон қилди.

Жорий йил бошида АҚШ ва НАТО қўшинлари Ҳелманд вилоятининг Маржоҳ шаҳрида толибларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказди.

30 март куни адмирал Майк Маллен Маржоҳ шаҳрида маҳаллий етакчилар билан учрашиб, хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.