Тошкентда Россия-Ўзбекистон учрашувлари бўлиб ўтди

31 март куни Тошкентда Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 12 мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда икки давлатнинг ташқи алоқалар, энергетика, нефт-газ, мудофаа, банк-молия, савдо-саноат, геология, транспорт ва транспорт коммуникациялари, божхона, авиасозлик, машинасозлик ва гуманитар соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этдилар.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Бош вазири, комиссияси ҳамраиси Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаган.

Россия ҳукумат делегацияси раиси Сергей Иванов ҳам икки давлат ўртасидаги алоқалар тўғри йўналишда ривожланиб бораётганини алоҳида тилга олиб, Ўзбекистон Россиянинг ташқи савдо шериклари орасида етакчи ўринда туришини билдирди.