Карзай Клинтон хоним билан телефон мулоқоти ўтказди

Афғонистондаги ўтган йилги президент сайловида қайд этилган оммавий қонунбузарликларда хорижликларни айблаган президент Ҳамид Карзай юзага чиққан вазиятни муҳокама қилиш мақсадида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан телефон мулоқоти ўтказди.

АҚШ Давлат департаментига кўра, Карзай ўз баёнотига изоҳ бериш мақсадида Клинтон хонимга сим қоққан ва ушбу мулоқот конструктив руҳда ўтказилган.

Жума куни АҚШ ҳукумати Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг ўтган йилги президент сайловида йўл қўйилган қонунбузарликларга чет эллик вакилларнинг алоқаси борлиги тўғрисидаги айбловларини рад этди.

Пайшанба куни Афғонистон раҳбари мамлакатдаги БМТ ва ЕИ расмийлари, жумладан, БМТ миссияси собиқ раҳбари Питер Гэлбрайт ва ЕИ кузатувчилар миссияси раҳбари Филлип Морийонни президент сайлови жараёнига аралашганликда айблаган эди.