Бакиевнинг халққа мурожаат қилиши кутилмоқда

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг яқин соатлар ичида мамлакат халқига мурожаат билан чиқиши кутилмоқда.

Бу ҳақда РИА “Новости” Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Раимқул Аттакуровга таянган ҳолда хабар тарқатди

Аттакуровнинг айтишича, Бакиев истеъфога чиқиши xусусида ҳея қандай баёнот бермаган.

Бишкек марказида эса мухолифат тарафдорларининг бир неча минг кишилик норозилик намойишлари ҳануз давом этмоқда.

Маҳаллий вақт билан 11.00 да Қирғизистон парламенти биносида бошланган матбуот анжуманида мамлакат муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева махсус декрет билан парламент тарқатиб юборилганини эълон қилди.

Журналист олдида чиқиш қилган Роза Ўтунбаева Қирғизистонда ҳокимият муваққат халқ ҳукуматига ўтгани, ўзи раҳбарлик қилаётган муваққат ҳукумат 6 ой фаолият олиб бориши, шу вақт мобайнида мамлакатда парламент сайловлари ўтказилиши ҳамда мамлакат конституцияси янгиланишини айтиб ўтди.

Айни пайтда Қиғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарга кўра, чоршанба куни Бишкекда рўй берган тартибсизликлар оқибатида камида 75 киши нобуд бўлган, мингдан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган.