Бакиев оммага кўриниш берди

Бишкекдаги қонли воқеалардан буён илк бор ўз тарафдорлари олдига чиққан Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев мухолифатни куч ишлатиб ҳокимиятни қўлга киритганликда айблаб, истеъфога чиқмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Хабарларга кўра, Бакиев иштирокидаги йиғин Қирғизистон жанубидаги Тейит қишлоғида бўлиб ўтган.

7 апрел куни пойтахт Бишкекда хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасида рўй берган қонли тўқнашувлар оқибатида камида 81 киши нобуд бўлди.

Ушбу воқеалар ортидан Қурмонбек Бакиев Бишкекдан кетишга мажбур бўлди. Давлат бошқарувини қўлга олган муваққат халқ ҳукумати Бакиевдан истеъфога чиқишни талаб қилиб, уни қўлга олиш билан таҳдид қилди.

Бакиев, ўз навбатида унинг жонига қасд қилишга бўлган уринишларнинг салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирди.

Қирғизистон раҳбари, шунингдек мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Қирғизистонга БМТнинг тинчликпарвар кучларини киритиш чақириғи билан чиқди.