Европада парвозлар қайта тикланмоқда

Лондоннинг дунëдаги энг йирик ва гавжум ҳисобланган Heathrow аэропортига 20 апрел куни биринчи самолёт келиб қўнди.

British Airways ширкати АҚШ, Африка ва Осиё давлатларидан учган яна 24та самолётнинг 21 апрел куни мазкур аэропортга қўнишига умид билдирди.

Полшанинг ҳам бугун ўз ҳаво ҳудудини очиши кутилмоқда. Сешанба куни Марказий Европа давлатларида ҳам бундан беш кун аввал тўхтатилган парвозлар аста-секин амалга оширила бошлади.

Аммо сўнгги кунларда ўз фаолиятини тўхтатган аэропортларда тартибсизлик давом этмоқда. Олимлар Исландиядаги вулқон яна отилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Айни пайтда Халқаро фуқаролар авиацияси ташкилоти президенти Роберто Кобе Гонзалес ҳозирда самолётлар парвози хавфсиз бўлгани учун Европа давлатлари ҳаво қатновига рухсат берганини айтди.