Исландия вулқони Европа ширкатларига қимматга тушди

Ҳаво транспорти халқаро ассоциациясига кўра, Европа ҳаво ҳудудининг бир неча кунга ёпилиши оқибатида авиаширкатлар салкам 1.7 миллиард доллар атрофида зарар кўрган.

Ассоциация раҳбари Жованни Бисигнани парвозларнинг тўхтатилиши авиакомпанияларга 2001 йил 11 сентябр xуружлари сабаб АҚШ ҳаво ҳудудининг уч кунга ёпилганидан ҳам қимматга тушганини маълум қилди.

-Ҳозирги бўҳрон халқаро авиациянинг салкам 29 фоиз парвозига таъсир қилди. Бу кунига 1.2 миллион йўловчи дегани. Ушбу рақамлар амалдаги бўҳроннинг 11 сентябр хуружларидан сўнг қайд этилган ҳолатдан анча ёмон бўлганини кўрсатади, деди Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси раҳбари.

Европа ҳаво ҳудуди узра парвозлар аста-секин қайта тикланмоқда. Даставвал Буюк Британия ва кейинчалик Европанинг бошқа ҳаво қўналғалари парвозларга рухсат беришга киришдилар.