Ереван Туркия билан имзоланган келишув ратификациясини тўхтатди

Арманистон Туркия билан муносабатларни яхшилаш ҳақида имзоланган шартноманинг ратификация жараёнини тўхтатди.

Бу маълумотни Арманистон президенти Серж Саркисян тасдиқлади.
- Биз бу жараённи ҳозирча тарк этмасликка, балки келишув ратификацияси жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдик. Бизнингча, бу миллатимиз манфаатларига хизмат қилади. Арманистоннинг протоколлардаги имзоси ўз кучида қолади. Чунки биз ўзаро муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги ҳаракат давом этишини хоҳлаймиз. Чунки биз тинчликни хоҳлаймиз, деди Арманистон президенти.

Биринчи жаҳон уруши даврида тахминан 1 ярим миллион этник арманлар ўлдирилгани борасида Туркия ва Арманистон ўртасида давом этиб келаётган тортишув ўзаро алоқалар нормаллашишига халал бериб келмоқда.

Арманистонда коалиция ҳукумати тузган учта ҳукмрон партия эълон қилган қўшма баёнотда Туркия келишув ратификацияси жараёнини пайсалга солиб келаётганликда айбланган.

Ўз навбатида Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Арманистон билан тинчлик ҳақида имзоланган протоколларга Туркия содиқ қолишини урғулади.

Айни пайтда АҚШ томонларни ярашиш йўлидаги ишларни давом эттиришга чақирди.