Греция ёрдам пуллари берилишини сўради

Греция Бош вазири Георгиос Папандреу ЕИ ва Халқаро валюта жамғармасини бир неча миллиард долларлик қутқарув дастурини амалга оширишга чақирди.

Бугун телевидение орқали мурожаат қилган Бош вазир ажратилаётган маблағнинг Грецияга ҳар қачонгидан ҳам зарур эканлигини таъкидлади.

Яқинда евроҳудуд давлатлари молиявий бўҳрондан жиддий зарар кўрган Греция ҳукуматига 30 миллиард доллар атрофида кредит ажратишга келишиб олган эди. Халқаро валюта жамғармаси ҳам Грецияга 10 миллиард евро ажратишга ваъда берган. Ушбу қарзларнинг расмий Афина мурожаат қилган тақдирдагина Грецияга берилиши назарда тутилган.

Пайшанба куни Греция бюджетидаги камомаднинг 13.5 фоизга етгани эълон қилинди. Бу эса евроҳудуд давлатлари учун белгиланган кўрсаткичдан тўрт баробар кўпдир.