Карзай Деҳлида Сингҳ билан музокара ўтказди

Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингҳ ва Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўтказган сўзлашув якунида икки давлат раҳбари минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва жанггариларни таъқиб қилишни давом эттиришга келишиб олдилар.

Бугунги музокаралар худкуш шахснинг Кобулда амалга оширган ҳужуми оқибатида Ҳиндистоннинг 9 фуқароси нобуд бўлганидан икки ой ўтиб ўтказилди.

Ҳиндистон томони фикрича, бу ҳужумни Покистонда жойлашган “Лашкари Тоййиба” ташкилоти жанггарилари уюштирган.

Ҳиндистон Афғонистонни қайта тиклаш ишларига фаол қатнашиб келмоқда. Толибон режими ағдарилган 2001 йилдан буён Ҳиндистон Афғонистонга умумий қиймати бир миллиард доллардан зиёд бўлган ёрдам ажратди.