ХВЖ Афинага кўрсатиладиган ёрдамни ошириши мумкин

Халқаро валюта жамғармаси жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келаётган Грецияга кўрсатиладиган ёрдам кўламини 25 миллиард еврога етказиши мумкинлигини маълум қилди.

ЕИ президенти Ҳерман Ван Румпей эса Грецияга фавқулодда молиявий ёрдам кўрсатиш масаласидаги сўзлашувлар режа бўйича олиб борилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 10 май куни евроҳудуд давлатлари раҳбарларининг мазкур масалага бағишлаб махсус йиғини ўтказилади.

Сешанба куни нуфузли Standard&Poor’s агентлиги Грециянинг кредит салоҳияти рейтингини “сармоя киритиб бўлмайдиган” давлатлар даражасига туширди. Мазкур хабар ортидан жаҳон бўйлаб биржалар кўрсаткичи кескин тушиб кетди.

Грециянинг ўзида эса банк сектори ходимларининг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 5 май куни эса Греция бўйлаб умумий иш ташлаш акцияси ўтказилади.