Греция молиявий ёрдам оладиган бўлди

Греция бош вазири Георгис Папандреу ўз ҳукумати мамлакат юзланаётган молиявий бўҳронни ҳал этишга қаратилган бир неча миллиард долларлик ёрдам дастури борасида ЕИ ва Халқаро валюта жамғармаси билан келишувга эришганини эълон қилди.

ЕИ ва Халқаро валюта жамғармасининг Афинага кўрсатиладиган ёрдам дастурининг кўлами, айрим манбаларга кўра, 120 миллиард евро атрофида бўлиши мумкин.

Грециядаги молиявий бўҳрон туфайли евро қиймати ва жаҳон биржалари кўрсаткичлари кескин тушиб кетди.

Греция ҳукумати молиявий бўҳронни жиловлаш мақсадида солиқлар оширилиши ва иш ўринлари қисқартирилиши билдирган. Шанба куни эса Афинада бир неча минг киши ҳукумат режаларига қарши норозилик акцияси ўтказди.