Греция ёрдам дастурини кутмоқда

ЕИ ва Халқаро валюта жамғармасининг иқтисодий бўҳрондан жиддий зарар кўрган Грецияга 110 миллиард долларлик ёрдам дастурини маъқуллаши кутилмоқда.

Режага мувофиқ Европа давлатлари расмий Афинага 80 миллиард доллар, Халқаро валюта жамғармаси эса 30 миллиард доллар ажратади.

Греция Бош вазири Георгис Папандреу, ўз навбатида давлат харажатлари қисқартирилиши ва солиқлар оширилишини эълон қилди. Бош вазир якшанба куни қилган чиқишида “мамлакат юзланаётган жиддий қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида кўп нарсадан воз кечишга шай туришимиз шарт”, дея таъкидлади.

Жума куни эса евро ҳудуд раҳбарлари Грецияга кўрсатиладиган ёрдам дастурини бошлаш масалага бағишлаб махсус йиғин ўтказадилар.

Грецияга бир неча миллиард долларлик ёрдам дастури берилиши эълон қилинганига қарамай, бугун Осиё бозорларида евро қиймати бир оз тушди.