Германия Грецияга ёрдам беради

Германия ҳукумати жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келган Грецияга бериладиган ёрдам дастури учун 22.4 миллиард евро ажратилишини маъқуллади.

Германия аҳолисининг кўп қисми эса давлат ҳисобидан Грецияга молиявий ёрдам кўрсатилишига мутлоқ қарши чиқмоқдалар. Бугун чиқиш қилган мамлакат канцлери Ангела Меркел ҳукумат томонидан қабул қилинган дастур лойиҳаси жума кунга қадар Германия парламенти томонидан маъқулланишига катта ишонч билдирди.

ЕИ ва Халқаро валюта жамғармаси келаси уч йил ичида Грецияга 110 миллиард евро ёрдам пули ажратди. Греция ҳукумати ўз навбатида давлат харажатларини салкам 30 миллиард еврога камайтиришини эълон қилди.