Афинадаги ёнғинда уч киши нобуд бўлди

Греция пойтахти Афинадаги банклардан бирида рўй берган ёнғин оқибатида камида уч киши нобуд бўлди.

Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга кўра, бир гуруҳ ўсмирлар банк биносига бензин тўлдирилган шишаларни улоқтирган.

Шу куннинг ўзида Афинада намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар ҳам рўй берди.

Мамлакатда ишчи ўринларини қисқартириш ва солиқларни оширишга оид ҳукумат режасига қарши чиқаётган намойишчилар парламент биноси томон ўтишга уринган. Бироқ полиция ходимлари шовқин гранаталари ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида намойишчиларни тарқатиб юборишга муваффақ бўлган.

Хабарларга кўра, Афинадаги норозилик намойишида 25 мингдан ортиқ киши қатнашган. Грециянинг иккинчи йирик Тессалоники шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойишида 20 минг киши иштирок этган. Бу ерда ўсмир намойишчилар шаҳар марказида бир неча савдо дўконлари ойналарини уриб синдирган.