Пхенян музокараларга қайтмоқчи

Шимолий Корея ўз ядровий дастурини тугатишга қаратилган олти томонлама музокараларга қайтиш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқ қолади.

Хитой матбуоти тарқатган хабарга кўра, бу ҳақда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ир жорий ҳафта Пекинга қилган сафари чоғида маълум қилган.

Душанба куни Хитой сафарини бошлаган Ким Чен Ир Пекинда Хитой президенти Ху Цзинтао ва юқори мартабали бошқа расмийлар билан учрашиб, музокаралар ўтказди.

Ўтган йил Шимолий Корея ўз ёр ости ядровий қуроли ва узоқ масофага парвоз қиладиган бир нечта ракетасини синовдан ўтказиб, олти томонлама музокаралардан чиқишини эълон қилган эди.