Индонезияда кучли зилзила содир бўлди

Хабарларга кўра, зилзила кучи Рихтер ўлчови бўйича 7.4 баллни ташкил қилган ва унинг маркази Суматра оролидаги Ачех вилоятига яқин ҳудудда бўлган.

Зилзиладан кўрилган талафотлар хусусида хабар тарқатилмади. Айрим жойларда бир қанча бинолар вайрон бўлгани айтилмоқда.
Индонезия сейсмология маркази цунами хавфи борлиги ҳақида эълон қилди.

Ўтган йилда Ачех вилоятида рўй берган кучли зилзила оқибатида мингдан ортиқ фуқаро нобуд бўлган.

2004 йилда эса Индонезиянинг Суматра ороли яқинида денгиз тубида кучли зилзила рўй бериши ортидан ҳосил бўлган улкан цунами оролга ёпирилиб келган. Табиий офат оқибатида 200 мингдан ортиқ киши нобуд бўлган эди.